15-16 сентябрь кунлари Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида Осиёлик меҳнат мигрантлари ўртасида Asian Migratnts Football Champions Cup Korea 2016 мусобақаси ўтказилди.

Корея Миграция вазирлиги, Keb Hana Bank, PillIm INVESTMENT ва TogeTher INVESTMENT ташкилотлари ҳомийлигида ўтказилган турнирда 8 давлатдан 24 та жамоа иштирок этди. Ҳитой, Ўзбекистон, Непал, Камбоджа, Вьетнам, Таиланд, Индонезия ва қитъамизнинг бошқа давлатлари қатнашган тадбир қизиқарли баҳсларга бой тарзда ўтган.

Ўзбекистон жамоаси таркиби айни пайтда Корея Республикасида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва миллионлар ўйини билан шуғулланиб борувчи йигитлардан ташкил топган бўлиб, улар гуруҳ баҳсларида Комбоджанинг иккита жамоасини 4:0, 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, чорак финалда вьетнамликлар устидан 5:3, ярим финалда Индонезия жамоасини битта тўп фарқи билан енгдилар. Асосий финал учрашувида эса ҳамюртларимиз Таиланд жамоаси устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб турнир ғолибига айландилар.

- Корея Республикасида меҳнат қилаётган юртдошлар билан ҳар дам олиш кунларида тўпланиб, футбол билан шуғулланиб турамиз- дейди жамоа ўйинчиси Шоятбек Ҳакимов. - Мусобақа давомида барча рақибларимизни доғда қолдирганимиздан жуда хурсанд бўлдик.

- Биз бошқа юрт вакилларига юртимизда миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш ва эътибор қай даражада эканлигини исботлаб, мусобақа якунида Ватанимиз байроғини кўкларга кўтардик -дейди яна бир жамоа аъзоси Элмурод Мамажонов.

Ўтказилган мусобақанинг соврин жамғармаси белгиланган бўлиб, унга биноан Кубокдан ташқари 1- ўринни эгаллаган жамоа 2.000.000 вон, 2 ва 3 ўрин соҳиблари мос равишда 1.000.000, 500.000 вон миқдоридаги пул мукофотларига эга бўлдилар.

Элмурод Мамажонов, Жанубий Корея, Кванжу шаҳри,

Элмурод Эрматов.