Қўнғирот сода заводининг иккинчи навбати ишга туширилди

Иқтисодиёт 21 Сентябрь 2016 6494

Қўнғирот сода заводининг иккинчи навбати ишга туширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Энди корхона йилига 200 минг тонна экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди. 

Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил 15 декабрдаги “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилган мазкур лойиҳага 104,4 миллион долларлик инвестиция жалб этилди. 

Иқтисодий салоҳияти янада юксалган корхонада рангли металлургия, шиша, қоғоз ва целлюлоза, ювиш воситалари ҳамда енгил саноатда кенг қўлланиладиган кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар ошди. 

– Замонавий технология асосида жиҳозланган корхонада қўл меҳнатига ўрин қолмади, – дейди “Қўнғирот сода заводи” унитар корхонаси ишчиси Ботир Муратбоев. – “Ақлли техника”лар иштирокидаги ишлаб чиқариш жараёни компьютер марказидан туриб бошқарилади. Бу хавфсиз ва қулай меҳнат шароитини яратиб, иш унумини оширишда муҳим омил бўлмоқда. 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маҳаллий хомашёларни комплекс қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи кимёвий маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган алоҳида эътибор самарасида 2006 йилда иш бошлаган корхона йилига 100 минг тонна сода ишлаб чиқариш қувватига эга. 2012 йилда корхонада 97 минг 800 тоннадан ортиқ импорт ўрнини босувчи, юқори сифатли сода ишлаб чиқарилди. Корхонанинг иккинчи навбати ишга туширилиши туфайли дунё бозорида харидоргир бўлган ушбу маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми янада ошади. 

Халқаро талабларга тўла жавоб берадиган корхона маҳсулотлари ички бозордан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби бир қатор давлатларга экспорт қилинмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2005 йил 13 апрелдаги “Қўнғирот сода заводи учун кадрларни мақсадли тайёрлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Тошкент кимё-технология институтининг махсус сиртқи бўлими ташкил этилиб, унинг ўқув-лаборатория базаси завод ҳудудида жойлаштирилгани малакали мутахассислар тайёрлашда кенг имкониятлар яратмоқда. Бу билим масканини битираётган ёшлар корхонада меҳнат фаолиятини давом эттираётир. 

Ишчи-хизматчиларнинг самарали меҳнат қилиши, ишдан кейин мароқли дам олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, фарзандларининг ўқиши учун барча шароит яратилган. Корхонанинг 1 минг 400 кишилик меҳнат жамоасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. 

– Қўнғирот кимё саноати касб-ҳунар коллежини тамомлаб, мазкур корхонада ишламоқдаман, – дейди Гулпаршин Нурумбетова. – Ҳозир маҳсулот сифатини назорат қилувчи лабораторияда ишлаш билан бирга корхона ҳузуридаги Тошкент кимё-технология институтининг сиртқи бўлимида 3-босқич бакалавр йўналиши бўйича таҳсил олмоқдаман. Биз корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар жаҳон бозорига экспорт қилинаётганидан фахрланамиз. 

Кун янгиликлари
Бош прокуратура Гулнора Каримовага нисбатан жиноий иш тафсилотларини ошкор қилди
Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилиши факт. Барча сукут сақламоқда
21:00 / 26.07.2017 107136 Ўзбекистон
Оққон билан оғриган 5 ёшли бола тезкор ёрдамга муҳтож
17:52 / 24.07.2017 45784 Жамият
ЖАРда имо-ишоралар тилига давлат тили мақоми берилиши мумкин
23:30 14 Жаҳон
Ақлдан озаётган рақамлар. «Монако» Мбаппе учун янги нарх белгилади
23:25 453 Спорт
Бухородаги даволаниш масканларида ўғрилик содир этилди
23:16 431 Жамият
Тарихда илк марта халқаро космик станция экипажига олим раҳбарлик қилади
23:12 325 Жаҳон
22 нафар давлат хизматчиси Кореяда ахборот технологиялари бўйича таълим олиб қайтади
Республика Маънавият ва маърифат маркази қайта ташкил этилади
Нукусда арзон нархли телевизор ва кондиционерлар ишлаб чиқарадиган корхона ишга тушади
Кўпроқ янгиликлар