Бош ролни рэпер Эминем ижро этган «8 миля» фильми режиссёри Кертис Ҳэнсон 71 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Associated Press хабар тарқатган.

Лос-Анжелес шаҳри полицияси Ҳолливуд ҳудудидаги уйидан унинг жасадини топган. 

Кертис Ҳэнсон Лос-Анжелесда туғилиб ўсган. Мактабни тамомлагач, фотограф бўлиб ишлаган. Кейин эса кино ҳақидаги журнал муҳарририга айланган. 1973 йили у "Ширин қотиллик" фильмига сценарий ёзган. Бу унга режиссёрлик ишидаги илк қадам бўлади.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Ҳенсон "Беланчакни айлантираётган қўл" ва "Лос-Анжелес сирлари" номли фильмларни ишлади. Иккинчи фильми "Оскар"га 9та номинация бўйича даъвогарлик қилади ва фақат "энг яхши мосланган сценарий" ҳамда "иккинчи пландаги энг яхши актриса" йўналишларида ғолиб бўлади.

У 2002 йилда ишланган «8 миля» фильми орқали яна машҳурлашганди.