Украина президенти Пётр Порошенко Сурияда юз бераётган вазият учун айбни расмий Дамашққа қўйди. 

"Сурия ҳукумати мамлакат ҳозирда бўлган шароит, фуқароларининг азият чекиши учун тўлиқ жавобгарликка эга", деб айтди Порошенко БМТ Бош ассамблеясидаги нутқида.  

Шу билан бирга у Россиянинг Украина ва Сурияга нисбатан ҳаракатларида ўхшашлик борлигини айтди. 

"Украинадаги каби бу олдиндан ўйланган сиёсатнинг бир қисми бўлган: ихтилофни авж олдириш, сўнгра эса вазиятни тартибга солишда ўзини медиатор сифатида таклиф қилиш... Бу менинг давлатим учун жуда танишдек янграйди, у ҳанузгача Россиянинг худди шундай тактикасини амалга ошириш учун полигон бўлиб қолмоқда", деб айтди Порошенко.

Унинг таъкидлашича, Сурия ихтилофининг кўплаб жиддий оқибатлари бор, улар орасида назорат қилиб бўлмайдиган миграция, террорчиликнинг тарқалиши, ИШИД ва бошқа террорчилик гуруҳларининг кучайиши бор.

Киев ҳукумати ва Ғарб Россияни Украинанинг ички ишларига аралашишда айблаб келади.