Шуни қайд этиш жоизки, россиялик автомобиль ўғриларининг қизиқишлари арзон седанлар, ўртамиёна кроссоверлар ва люкс тоифасидаги йўлтанламаслар орасида тенг тақсимлангани ойдинлашмоқда. 2016 йили Россияда хариди бўйича етакчилик қилаётган арзон хориж машиналари орасида Hyundai Solaris ва KIA Rio кўпроқ ўғрилар қизиқишини уйғотган. "Росгосстрах" компанияси томонидан тақдим этилган 2016 йил ўтган ярим йили мобайнида ўғирланган машиналарга оид статистик маълумотлар шундан далолат қилади. Шундай қилиб, ушбу маълумотларга асосан, қуйидаги машиналарни россиялик ўғрилар кўпроқ ўғирлашган. 

12. Mercedes-Benz E-class

Энг кўп ўғирланадиган автомобиллар рўйхатини Mercedes-Benz модели бошлаб беради. 2016 йил январь-июнь ойларида ушбу машинадан 18 дона ўғирланган. Ўтган йили бу рақам 22тани ташкил этган эди. Бунда айниқса, Mercedes-Benz E-class тоифасидаги машина эгалари кўпроқ хавотир олишлари керак. Чунки, биринчи ярим йилликда бу машинадан 6 нусха ўғирланган. Ахир, янги E-class машинаси 3 млн рубл турганидан кейин, унинг эҳтиёт қисмларини тасаввур қилиш қийин эмас.

11. Lexus LX

Япон брендининг люкс тоифасидаги Lexus автомобиллари қимматлиги боис, шундоғам  ўғриликка қарши суғурта қилинади. Балки шунинг учундир, ўғрилар ҳам айнан Lexus моделларини хуш кўришади: ярим йил мобайнида ўғирланган 19та машинанинг (2015 йилда 17та) 6 нусхаси — бу 5,4 млн рубль турадиган LX люкс йўлтанламасидир. Бирмунча арзонроқ Lexus GX йўлтанламасидан 4та, ES седанидан 3 дона ўғирланган. 

10. Ford Focus

Таъкидлаш керак, оммавий машиналар ўғриларнинг эътиборини қиммат машиналар сингари кўпроқ жалб этади. Хусусан, ҳисобот даврида 19та Ford ўғирланган (2015 йилнинг илк олти ойида 23та). Албатта, бунда Ford Focus (янгиси 834 минг рубль туради) етакчи бўлиб, ундан 15та машинани олиб қочишган. 

9. Nissan X-Trail

Жорий йилнинг илк олти ойи мобайнида 22та Nissan эгаси машинасидан айрилиб қолган. Агар ўтган йилги рақамлар (27та) билан солиштирилса, ўғрилар бу машинани ҳамон кўз остига олиб юришлари маълум бўлади. Жиноятчилар асосан, Nissan X-Trail (5та), Juke ва Murano (4тадан) моделларига қизиқишади. Улар орасида аслида X-Trail энг арзони бўлиб, 1,2 млн рублдан бошланади.

8. BMW X5

Маълумотларга кўра, 2016 йилнинг биринчи ярмида BMW машиналарини ўғирлаш сони кескин кўтарилган: ўтган йили атиги 7та шу марка модели ўғирланган бўлса, бу йилги рақам 27тани ташкил этмоқда. Улар орасида X5 (6та) кроссоверининг олдига тушадигани йўқ. 7-series люкс седани ва бирмунча арзонроқ 3-series моделларидан 5тадан гумдон қилинган. BMW X5нинг энг арзони 4,5 млн рубль туришини бир тасаввур қилинг-а. 

7. Renault Duster

Шуни яна бир бора эслатиб қўйиш керакки, машинангизнинг арзонроқ бўлиши, унинг ўғри нигоҳига тушмаслигига кафолат бермайди. Renault моделидан 2016 йилнинг илк 6 ойида 30та ўғирланиши фикримизни исботлайди (2015 йилнинг шу даврида 40та). Бунда энг кўпи Duster кроссовери ҳиссасига тўғри келади. Гарчи унинг нархи 630 минг рублдан бошланса-да, бу моделдан 22та ўғирланган. Renault Logan (4дона) унчалик ҳам қизиқиш уйғотмаслиги аниқланган. 

6. Mazda CX-5

Япониянинг яна бир моделини ўғирлаш ҳажми шу йилнинг олти ойи мобайнида 50 фоизга кўпайиб, ўтган йилги 21 донадан 32тага етган. Бунда айниқса, CX-5 кроссовери эгалари эҳтиёткорроқ бўлганлари яхши. Олти ой ичида 1,3 млн рублдан бошланадиган моделдан 22таси ўғирланган. 

5. Lada Granta

Ҳа, адашмадингиз, айнан Россияда ишлаб чиқарилувчи маҳаллий автосаноат вакили Lada Granta. Аслида автоўғрилар маҳаллий машиналарни ўғирлашни анча яхши кўришади. Уларни ўғирлаш ҳам осон, сотиш ҳам. 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида 31та Lada (2015 йили 39та) ўғрилар овига тушган. Булар орасида энг кўп ўғирлангани Granta (9та), шунингдек, 4x4 йўлтанламаси ҳамда Largus минивэни ҳам анчагина оммабоп. 

4. ГАЗель Next

Кутилмаганда, жиноий гуруҳлар оламида тижорат транспорт воситаларига ҳам талаб ошиб бораётганини англаш мумкин. Масалан, Россиянинг ГАЗ автомобиль заводи маҳсулоти. Бу йилнинг олти ойида 39та Next хусусий ва тижорат фирмалари ҳисобидан ўғриларнинг чўнтагига пўл кўринишида бориб тушган. Аммо, ўтган йили ушбу машиналарнинг ўғирланиши янада кўпроқ (55та) эди. 

3. KIA Rio

KIA автомобилларининг ўғирланиши шу йилнинг ўтган олти ойи мобайнида 80 фоизга ўсганини алоҳида таъкидлаш керак. Ахир, машина харид қилишда бу маълумотлар автомобиль моделини танлашда қўл келади, албатта. Агар, 2015 йилнинг биринчи ярмида 26та KIA ўғирланган бўлса, бу йилнинг шу даври мобайнида 47та Жанубий Корея машинаси олиб қочилган. Бунда уларнинг 32таси Rio ҳиссасига тўғри келмоқда. 

2. Toyota Land Cruiser 200

Россияда энг кўп ўғирланадиган автомобиллар орасида Япония автосаноатининг яна бир кўзга кўринган вакили бор. У ҳам бўлса Toyota моделларидир. Жорий йилнинг олти ойида 51 дона шу русумдаги машина ўғирланган бўлиб, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 15 фоиз (60та)га камдир. Улар орасида энг кўп ўғирлангани эса люкс тоифасидаги Land Cruiser 200 (18та) ҳисобланади. Янги Land Cruiser 200 автосалонда 4 млн рублдан бошланади. Бироқ, Toyota Camry бизнес-седани (15та) ҳам ўғриларнинг диққат марказида туриши маълум қилинмоқда. 

1. Hyundai Solaris

Ва ниҳоят, салбий статистиканинг етакчиси бу Жанубий Кореянинг Hyundai компанияси маҳсулоти бўлди. Бу модель нафақат ўғирлаш сони, балки суръатлари бўйича ҳам биринчи ўринни забт этиб турибди. Ўтган йилнинг январь-июнь ойларида жами 21та Hyundai машинаси ўғирланган бўлса, бу йил ўғриларнинг танлови кўпроқ шу марка маҳсулотларида тўхтаган. 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида улардан 60 дона олиб қочилган. Шундай қилиб, бу русумдаги машиналарнинг ўғирланиш ҳолати 185 фоизлик ўсишни қайд этган. Россия автобозорида энг кўп сотилаётган Hyundai Solaris энг кўп ўғирланаётган автомобиллар рўйхатида ҳам етакчилик қилаяпти. Олти ойда нархи 591 минг рублдан бошланувчи машинадан 45таси ўғирланган.