АҚШ Конгресси Сенати 21 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида Саудия Арабистонига 1,15 млрд долларлик танклар, ўқотар қуроллар ва аслаҳалар сотишни тақиқлашни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини рад этди. 27 нафар сенатор ҳужжатни маъқуллаган бўлса, 71 нафари қарши овоз берган. 

Лойиҳа муаллифлари республикачи сенатор Рэнд Пол ва демократлар вакили Крис Мэрфи подшоҳлик қўшинларининг Яман можаросида иштирок этаётганидан ташвиш билдиришмоқда.

"Минглаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлмоқда, ИШИД ва "Ал-Қоида" каби террорчилик гуруҳлари кучайиб бораяпти", -дейилади Мэрфи баёнотида. Сенаторларнинг фикрича, Ар-Риёд сиёсати ўзгармас экан, "АҚШ қурол сотишни тўхтатиши керак".

Сенаторлар, хусусан, Саудия Арабистонига 100дан ортиқ Abrams танклари ва уларнинг оптик тизимлари, йирик калибрли пулемётлар, М240 пиёда пулемётлари, гранатомётлар ҳамда ўқув жанговар ўқ-дориларни етказиб беришга қаршилик билдиришганди. Улар танкларни жанг майдонидан кўчириб, таъмирлашга хизмат қилувчи М88 машиналарини ҳам етказиб бермаслигини таъкидлашган. Икки давлатлар ўртасидаги ҳарбий битимни Давлат департаменти маъқуллаган эди.