Буюк Британия ташқи разведка хизмати MI6 дунё террорчилигига қарши кураш учун мингга яқин таҳлилчини ишга олмоқчи, деб ёзмоқда Times нашри.

MI6’ни кенгайтириш ҳукуматнинг британ махсус хизматлари ходимлари сонини 15 фоизга ёки 1900 кишига кўпайтириш бўйича 2015 йилдаги режасига кўра юз беради. Бу хизматлар орасига MI5, MI6 ва ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги ҳукумат алоқаси бошқармаси киради. 

Нашрнинг таъкидлашича, MI6’нинг ходимлари сони 2020 йил бошига 2,5 минг кишидан 3,5 минг кишигача ортади.

Бундай чора MI6 томонидан воситачилар ва хавфларни аниқлаш учун катта ҳажмдаги рақамли маълумотларни қайта ишлаш учун зарур. Кутилишича, таҳлилчилар интернет, мобиль телефон ва ноутбуклар фойдаланувчилари қолдирадиган "рақамли изларни" аниқлаш билан шуғулланишади. 

MI6 раҳбари Алекс Янгер "рақамли дунё хавф солади, чунки рақиблар бу имкониятлардан фойдаланиб, бизнинг ҳаракатларнинг аниқ тасдиғини олиши мумкин, бу эса ишлаш усулимизни буткул ўзгартиришимиз кераклигини англатади", деб айтди.