Науру республикаси президенти Барон Уака БМТ Бош Ассамбеяси 71-сессиясида маъруза қилар экан, халқаро ҳамжамиятни иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун чоралар кўришга ундади. У "вайрон қилувчи довул ва циклонларни қудратли бомбалар портлашига қиёслади", дунё океани сув сатҳининг кўтарилиши эса, унинг таъбири билан айтганда "душман қўшинларининг юришидир".

Науру раҳбари орол давлатларнинг иқлим ва хавфсизлик бўйича БМТ махсус вакилини тайинлаш таклифини қўллаб-қувватлашга чақирди. "Иқлим сабабли вужудга келган хавфсизлик муаммолари муҳим аҳамият касб этади, - деб огоҳлантирган Уака. – Науру манфаатидан баҳоласак, иқлим ўзгариши йирик гуманитар инқироздир. Бу биз учун урушга тенг".

"Яқин ўн йилларда вазият тобора ёмонлашади. Мен жиддий саволларга жавоб бера олишимизга ишонмайман, - дея давом этган сиёсатчи. – Ҳосилдорлик пасайиб, сув захиралари камайиб бораётган бир вақтда 9 млрд инсонни боқа оламизми? Соҳилбўйи ҳудудлари сув остида қолгач, бошпанасиз қолган миллионлаб инсонларни ҳимоя қила оламизми?"

Шу муносабат билан, Уаканинг фикрича,  халқаро ҳамжамиятнинг асосий вазифаларидан бири "захираларни қаерда кўпроқ талаб бўлса, ўша ерга йўналтиришни йўлга қўйишдан иборат". 

"БМТ Низоми давлатлар тенглиги ҳақида бонг уради, аммо ҳар доим ҳам бунга амал қилинмайди, - деб қайд этган давлат раҳбари. – Дунёни ўзгартириб юбора оладиган саноқли давлатлар бор. Биз шундай йўл тутишимиз керакки, улар глобал муаммоларни ҳал этишда бошқаларни эргаштира олсин". У, шунингдек, БМТ ХК таркибини кенгайтириб, "Ҳиндистон, Япония, Германия, Бразилия ва бошқа мамлакатларни" унинг доимий аъзоси бўлишга лойиқ дея ҳисоблашини билдирган. 

Науру республикаси Тинч океани ғарбида жойлашган 21,3 кв.км. майдонга мустақил давлат бўлиб, дунёнинг энг кичик давлати ҳисобланади. 11 минг кишилик аҳолисининг 90 фоизи соҳилбўйида истиқомат қилади.