«Лайтхауз Донойлгаз» компанияси хўжайини, австралиялик тадбиркор Владимир Жамирзе Россиянинг «Башнефть» компаниясидаги давлат улушини харид қилиш учун 6 млрд доллар таклиф қилди, деб хабар қилмоқда RNS. 

Хабарларга кўра, тадбиркор президент Путинга мактуб йўллаб, пулни ўтказиш учун «тегишли идораларга» рухсат беришни илтимос қилган. У шунингдек, Россия давлат раҳбаридан барча иштирокчиларнинг қатнашувига имкон бериладиган очиқ ва адолатли аукцион ўтказишга кўмак беришни сўраган. 

Жамирзенинг сўзларига кўра, «Лайтхауз Донойлгаз» ва ҳамкорлари Швейцария банкларида Россия нефть газ соҳасига киритиш мақсадида 10 млрд доллар маблағни жамғаришган. 

«Лайтхауз Донойлгаз» эгасининг аниқлик киритишича, у Австралиянинг 1998 йилда Мельбурн шаҳрида рўйхатдан ўтган ва нефть, нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган газ савдоси билан шуғулланувчи хусусий Lighthouse Corporation корпорацияси билан алоқадор эканини маълум қилган. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, унинг солиқ тўловларидан кейинги даромади 2015 йилда 1,3 млрд долларни ташкил этган.

Бироқ, ICIS компаниясининг суюлтирилган газ йўналиши бўйича бўлими раҳбари Роман Казьминнинг айтишича, Австралия бозоридаги 8 йиллик фаолияти давомида Lighthouse Corporation ҳақида бирон марта ҳам эшитмаганини билдирган.