«Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес «Атлетико» ҳимоячиси Филипе Луиснинг «Инстаграм»га қўйган суратига муносабат билдириб ўтишидан олдин ўйин вақтида ҳам унга ёмон сўзлар айтган. 

Marca нашри хабарига кўра, уругвайлик футболчи Филипе Луисга Испания чемпионатининг 5-тури доирасидаги учрашув вақтида ўзи билан тўқнашувдан кейин йиқилиб майдонга ётиб олган футболчи ёнига келган ва унга деган: «Сен ўзинг йиқилдинг, масхарабозлардек шўнғидинг».

Бундан олдинроқ Филипе Луис ўзининг жароҳатланган оёғи суратини ижтимоий тармоққа жойлаганди. У бу жароҳати Суареснинг оёқлари билан берган зарбаси туфайли юзага келганини билдириб ўтган.

Суратда Луис Суареснинг ҳамласидан кейинги жароҳатдан ҳали қон сизиб турганини кўриш мумкин. Уругвайлик футболчи ўйин вақтида «Атлетико»нинг бразилиялик ҳимоячисига ташланган, ҳакам эса Давид Фернандес Борбалан ҳужумчига фақат сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланганди.

Бунга муносабат билдирган Суарес шундай деганди: «Бу футбол. Бу эркаклар ўйини. Майдонда нима бўлса, майдонда қолиши керак. Ҳар сафар цирк кўрсатиш керакмас. Яна такрорлайман, бу ҳақиқий эркаклар ўйини».

«Барселона» ва «Атлетико» учрашуви 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Учрашувда мезбонлар етакчиси Лионель Месси жароҳат олиб, 3 ҳафта муддатга сафдан чиқди.

Манба: Tribuna.uz