Хитойлик журналист ноодатий сабаблар туфайли ишдан бўшатилди, бу эса барчанинг эътиборига тушди...

Жамият 23 Сентябрь 2016 7525

Хитойда қуёшдан ҳимояланиш учун соябон ва қуёшдан сақловчи кўзойнакларда интервью олган аёл журналист ишидан четлатилди. 

Воқеа Сяминь шаҳрида юз берди. Номи ошкор қилинмаган журналист "Меранти" тўфонидан кейин вайроналарни тозалашда иштирок этган кўнгиллидан интервью олган.

Таъкидланишича, журналистнинг ташқи кўриниши у интервью олаётган одамникидан кескин фарқ қилган. Аёл нопрофессионалликда, дидсизлик ва суҳбатдошига ҳурматсизликда айбланган.

"Журналистларимиздан бири қоидаларни бузди ва интервьюни рисоладагидек ололмаган. У касбининг нуфузига путур етказди ва томошабинларда салбий фикрлар уйғотди", деб айтилди аёл ишлаган телеканал раҳбарияти берган баёнотда.   

Шу билан бирга ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу воқеага турлича фикр билдиришган. Баъзилар мухбирни танқид қилишган, баъзилар аксинча унга ён босишган. "Журналист бўлиб ишлаш нақадар оғирлигини билганингизда, сиз унинг буюмларига эътибор бермаган бўлардингиз", деб ёзган маҳаллий ижтимоий тармоқ Weibo фойдаланувчилардан бири.  

Мухбир яна ишига қайтиши мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

"Меранти" Хитойда охирги 20 йил ичида юз берган энг кучли тўфон бўлди. Шамол тезлиги сониясига 100 метрга етган. Циклон Хитойнинг қитъадаги қисми ва Тайванда катта вайронагарчиликларга олиб келган. 

 

Кўпроқ янгиликлар