Москвада эвакуатор ичида икки бола бўлган машинани жарима майдончасига олиб кетди. "Администратор московского парковочного пространства" корхонасида ТАСС ахборот агентлигига тушунтирилишича, эвакуатор ходими машина ойналари қорайтирилган бўлгани учун унинг ичидаги болаларни кўрмаган.

"Машина эгалари икки боласини ойналари қорайтирилган машинада устидан қулфлаб, машинани тўхташни тақиқловчи йўл белгиси остида қолдириб кетган. Бу ҳудудни назорат қилувчи тегишли йўл хизмати ходимлари автомобилни олиб кетишдан аввал уни кўздан кечирганлар. Бироқ улар машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган икки болани қорайтирилган ойналар туфайли кўрмаганлар", деб айтилди компанияда.

Маълум қилинишича, эвакуаторчи машинани "Отрадное" метро станциясидан олиб йўлда кетаётганда унинг ходимлари машина ичида кимдир борлигини англашган. "Ботанический сад" метро станциясида эвакуатор полиция томонидан тўхтатилган. Ҳозир болаларнинг ота-онасига нисбатан тергов қўзғатилган, уларга "Хавфли ҳолатда қолдириб кетиш" моддаси бўйича айблов қўйилиши мумкин.