АҚШда мамлакатнинг собиқ президенти Рональд Рейган ва унинг турмуш ўртоғи Нэнси Рейганга тегишли буюмлар қўйилган кимошди савдоси бўлиб ўтди. Bloomberg нашрининг хабар беришича, икки кунлик савдо 5,7 миллион доллар келтирган, дастлаб бу буюмлар сотувидан 2 миллион доллар тушиши прогноз қилинганди.

Кимошди савдосида 400дан ортиқ лот сотилди. Масалан, Рейганнинг бир жуфт ковбой этиги 199,5 минг долларга сотилди, дастлаб у 20 минг долларга баҳоланганди.



Қаламда чизмалар туширилган ва Рональд Рейган имзоси бўлган саҳифа 100 минг долларга қўлга киритилди. Собиқ президент имзоси туширилган Берлин девори бўлаги эса 277,5 минг долларга сотилди.

Рейганнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган АҚШ байроғи тасвири туширилган Bulgari узуги 319,5 минг долларга харид қилинди. Бир жуфт кумуш қадаҳ (Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Маргарет Тэтчернинг совғаси) эса кимошди савдосида 52 минг долларга сотилди.

1996 йилда Sotheby's кимошди савдоси уйи АҚШнинг собиқ биринчи рақамли хоними Жаклин Кеннеди Онасиснинг буюмларини сотувга қўйганди. Лотлар 6 мингдан ортиқ бўлган. Бу сотувлар 34 миллион доллар келтирганди, бошланғич прогноз эса 4,6 миллион доллар бўлган.