Жорий йилнинг 20-23 сентябрь кунлари Россия пойтахти Москва шаҳрида “Тўқимачилик ва енгил саноат – 2016” тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари, техника ва технологиялари халқаро ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз компания ва корхоналари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида енгил саноатни ривожлантириш, мавжуд корхоналарни техник ва технологик янгилаш, модернизация қилиш борасида амалга оширилган ишлар тармоқнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. 

Истиқлол йилларида енгил саноат мамлакатимиз иқтисодиётида муносиб ўрин эгаллади. Қулай сармоявий ва бизнес муҳити соҳа тараққиётига катта ҳисса қўшаётир. Ўтган даврда соҳага йўналтирилган хорижий инвестициялар ҳажми 2 миллиард 500 миллион долларни ташкил этиб, бу уч юзга яқин йирик лойиҳани амалга ошириш имконини берди. Ислом Каримовнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, шунингдек, 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури бу борада муҳим омил бўлмоқда. 

Бугунги кунда Ўзбекистон енгил саноати замонавий жиҳозланган кўп тармоқли йирик корхоналардан иборат. “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги саноат муассасалари ип-калава, мато, турфа хилдаги тикувчилик-трикотаж товарлари, махсус кийимлар каби кенг турдаги юксак сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Бу каби енгил саноат маҳсулотлари билан нафақат ички бозор таъминланмоқда, балки улар Европа, Америка, Осиё ва Африка мамлакатларига етказиб берилмоқда. 

Ишбилармонларимизнинг турли мамлакатларда ўтказилаётган халқаро ярмарка ва кўргазмалардаги фаол иштироки мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда. “Тўқимачилик ва енгил саноат” ярмаркаси ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этди. 

“Тўқимачилик ва енгил саноат – 2016” халқаро ярмаркасида Хитой, Жанубий Корея, Германия, Италия, Нидерландия, Португалия, Ҳиндистон, Беларусь, Болгария, Латвия, Молдова, Руминия, Туркия, Украина каби дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан икки мингга яқин фирма ва компаниялар иштирок этди. Мазкур форумда тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари, уларни ишлаб чиқаришга оид энг сўнгги ютуқлар, замонавий технологиялар намойиш этилди. 

“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамиятидан маълум қилишларича, мазкур халқаро кўргазмада мамлакатимизнинг “Истиқлол Текстиль Дизайн”, “Samarkand Euroasia Textile”, “Sedat Triko Tashkent”, “Fortuna Tekstil”, “Grand Textile Production”, “Aisha Home Textile”, “Medex” каби юзга яқин компанияси ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этди. Ярмарка иштирокчилари Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимизнинг тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасидаги салоҳияти ва имкониятлари, соҳада таклиф этилаётган хизматлар билан танишди. 

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳанинг турли тармоқларида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистон экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда Ислом Каримовнинг 2013 йил 8 августдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси муҳим роль ўйнамоқда. Жамғарма кўмагида мамлакатимизнинг йигирмадан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари “Тўқимачилик ва енгил саноат – 2016”да фаол иштирок этди. Улар томонидан қарийб 50 миллион долларлик экспорт шартномалари имзоланди. 

Жаҳон бозорида талаб тобора ортиб бораётган Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотлари юксак сифати ва рақобатбардошлиги, халқаро андозаларга тўла мослиги билан харидорларга манзур бўлди. Халқаро ярмаркада фаол иштирок этган мамлакатимиз корхоналари бу борадаги улкан салоҳиятни намойиш этган ҳолда турфа хилдаги экспозицияларни – ранг-баранг газламалар, ип-калава, трикотаж полотноси, катталар ва болалар кийимлари, паҳмоқ ва жинси маҳсулотлар, тайёр тикувчилик-трикотаж буюмларини таклиф этди. 

Ярмаркада 800 квадрат метр жой эгаллаган Ўзбекистон миллий павильонида мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш, экспорт, сармоя ва енгил саноат соҳасидаги улкан салоҳияти ва имкониятлари намойиш этилди. Миллий колорит билан безатилган стендлар ўзига хос дизайни ва мазмунан бойлиги билан ярмарка иштирокчиларининг эътиборини тортди. “Шарқ либослари” дизайнерлик марказининг табиий матолардан тикилган либослар намойиши хорижий иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу Ўзбекистонда мода саноати улкан имкониятларга эга эканидан далолатдир. 

Халқаро ярмаркада Ўзбекистон компаниялари турли мамлакатларнинг фирма ва компаниялари билан ўзаро алоқа ўрнатиш ва ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Тадбиркорларимиз томонидан жами икки юз миллион долларликдан зиёд экспорт шартномалари имзоланди. 

“Тўқимачилик ва енгил саноат – 2016” халқаро ярмаркаси мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноати ютуқларини кенг намойиш этиш, тармоқни янада тараққий эттириш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, халқаро бозор талабларини ўрганиш, янги ҳамкорлар топиш учун қулай замин яратди. Унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар экспорт ҳажмини ошириш ва жўғрофиясини кенгайтиришга хизмат қилади.