2016 йил 23 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискада бўлганлар ўз қариндошларини пропискага қўйишлари мумкин ёки мумкин эмаслигига ойдинлик киритилган. 

Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 14 сентябрда қабул қилинган ЎРҚ–296-сонли Қонуни билан тасдиқланган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, № 9, 249-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда) изоҳи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Изоҳ: мазкур Рўйхатнинг 2 (хотини ёки эри, ўз оиласига эга бўлмаган вояга етган болалар ҳамда эр-хотиннинг биргаликдаги ва (ёки) илгариги никоҳидан туғилган ёхуд никоҳсиз туғилган вояга етмаган болалар, шунингдек фарзандликка олинган болалар бундан мустасно), 
3, 5, 9 — 12-бандларига мувофиқ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинган фуқароларнинг қариндошлари Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинмайди».