Ироқ армияси ва ироқлик курдларнинг (пешмерглар) ҳарбийлашган бўлинмалари Мўсул шаҳрини ИШИД қўлидан озод этиш учун 19 октябрь куни кенг кўламли ҳужум бошлаши мумкин. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған айтиб ўтган.

"Биз тайёр туришимиз керак. Пешмерглар ва араблар бу ҳарбий ҳаракатларни иттифоқчиликда олиб бориши жуда муҳимдир", деган Эрдўған АҚШдаги ташрифидан қайтиб Yeni Safak нашрига берган интервьюсида.

Ироқда ИШИД томонидан мамлакат ҳудудининг катта қисми эгаллаб олинганидан буён қалтис вазият сақланиб қолмоқда. Жангарилар доимий равишда терактлар содир этиб келмоқда.

Мўсул ва унинг атрофидаги ҳудудлар 2014 йилдан буён ИШИД назорати остида ҳисобланади. Армия йил охиригача Мўсулни қайтариб олишни режалаштирган.