Габон мухолифати етакчиси Жан Пинг президент Али Бонго сайловларда ғалабага эришганини ўз кучида қолдирган мамлакат конституциявий суди қарорини "адолатсиз" деб атади. Бу ҳақда BBC хабар берган.

Пинг ўз тарафдорларини "ҳушёрликни йўқотмаслик ва сафарбарликка тайёр туриш"га чақирди. Телевидение орқали мамлакатда намойишлар тўлқини бошланиши мумкинлиги хавфи ҳақида маълум қилинган.

Бу вақтда эса президент Бонго юзага келган тарангликни бартараф этиш учун мухолифатнинг бир қатор вакилларини ўз ҳукумати таркибига киритиш таклифини билдирган.

У ҳукумат тепасига 2009 йили, 42 йил давомида мамлакатни бошқарган отасининг ўлимидан сўнг келганди. 

Али Бонго эндиликда янги ҳукумат шакллантирмоқчилиги ҳақида айтган.

Пинг судга мурожаат қилиб Бонгонинг 99,9 фоиз сайловчи қатнашган провинцияда 95 фоиз овоз тўплагани борасидаги ҳолатни текширишни сўраганди.

Лекин суд бу мурожаат ифодаланган копияни қабул қилмади.

Пинг мазкур провинцияда овозларни қайта ҳисоблаш ҳақидаги мурожаати суд томонидан рад этилса, Габонда вазият издан чиқиши ҳақида огоҳлантирган.