24 ёшли бейсбол юлдузи Хосе Фернандес қайиқда ҳалокатга учради

Жамият 26 Сентябрь 2016 4063

15 ёшида Кубадан Америкага қочиб келган ҳамда кейинчалик Miami Marlins бейсбол жамоасининг юлдузига айланган Хосе Фернандес якшанба куни қайиқда ҳалокатга учраб, ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақида Флорида ҳукумати хабарига асосланиб, CNN нашри маълум қилди

Флориданинг Балиқчилик ва ёввойи табиатни муҳофаза қилиш комиссияси матбуот котиби Лоренцо Велознинг сўзларига кўра, 24 ёшли Хосе Фернандес ва унинг икки дўсти Майами-Ҳарбор (Флорида штати)да қайиқда ҳаракатланаётиб, ҳалокатга учрашган - уларнинг қайиғи қоятошларга урилиб, ағдарилиши натижасида йигитларнинг учаласи ҳам ҳаётдан кўз юмган. 

Қирғоқ муҳофазаси ходимлари маҳаллий вақт билан соат 3:15да патрул пайтида қоятошларга урилиб, ағдарилиб ётган қайиқни кўришган.

Икки кишининг жасади қайиқ остидан, яна бир кишининг танаси эса қоятошлар устидан топилган. Бейсбол юлдузидан бошқа икки кишининг исми ҳозирча ошкор этилмаган, уларнинг ҳам ёши 20дан ошганлиги қайд этилган, холос. Манбада йигитлар Фернандеснинг дўсти бўлганлиги таъкидланган. Қайиқни спортчи бошқармаган, у йўловчи бўлганлиги қайд этилган. 

Велоз Фернандеснинг ўлими Miami Marlins жамоаси, бейсбол ва умуман уни таниганлар учун катта йўқотиш бўлганини таъкидлади. 

Кўпроқ янгиликлар