Ҳиндистоннинг PSLV C-35 ракетаси 26 сентябрь, душанба куни 8 сунъий йўлдошини геополяр орбитага муваффақиятли олиб чиқди. Бу ҳақида ISRO (Космик тадқиқотлар ташкилоти) хабар берди. 

PSLV C-35 ташувчи ракетасига Шрихарикота оролидаги (Бенгал кўрфази) Сатиш Дхаван номидаги космик марказ космодромидан маҳаллий вақт билан соат 9:12да старт берилди.

Бундан аввал сунъий йўлдошларни олиб чиқишда орбитани тўғирлашга мўлжалланган технология икки марта - 2015 йилнинг декабри ва 2016 йилнинг июнида синовдан ўтган. Душанба куни эса унга биринчи марта ишчи тартибда старт берилди: стартдан 17 дақиқа ўтгач, орбитага Ердан 720 километр узоқликдаги масофага Ҳиндистоннинг SCATSAT-1 метеорологик йўлдоши чиқарилган бўлса, ундан кейин яна 7 сунъий йўлдош 670 километрга кўтарилди. 

"Ҳинд ташувчи ракетаси ўзининг 37-парвозида об-ҳавони ўрганиш учун 377 килограммли SCATSAT-1'ни геополяр орбитага ва қўшимча 7 сунъий йўлдошини қуёш-синхрон орбитасига олиб чиқди. Бу юк икки хил орбитага олиб чиқилган илк PSLV миссиясидир", - дейилади ISRO матбуот релизида.