Италиялик шифокорлар жарроҳлик амалиёти давомида хабис ўсимта ривожланган ўнг буйракнинг ўрнига адашиб, чап буйракни олиб ташлашди. Бу ҳақида The Local нашри маълум қилди. 

Италия шимолидаги Вижевано шаҳрида 78 ёшли кишига буйрак саратони ташхиси қўйилди, шу боис унга нисбатан жарроҳлик амалиёти қўлланиб, бир буйраги олиб ташланди. Манбага кўра, шифокорларнинг хатоси дарҳол аниқланмаган. 

Операциядан кейин аҳволи яхшиланмаган бемор шифохонага қайта мурожаат қилди. Шундан сўнггина шифокорлар соғлом буйрак олиб ташланганини англаб етишди. Энди эса нафақахўр ҳафтада уч марта тўрт соатдан давом этадиган диализ муолажасига қатнаши лозим. 

Беморни операция қилишда хатоликка йўл қўйган шифохонада ички тергов ишлари олиб борилмоқда. Даволаш муассасаси 78 ёшли нафақахўрдан узр сўраган ва даволаш учун керак бўлган барча харажатларни ўз зиммасига олган.