Грузия ИИВнинг баёнот беришича, республиканинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ватанига қайтишга уриниб кўргудек бўлса, зудлик билан ҳибсга олинади. ИИВ раҳбари Георгий Мгебришвилининг журналистларга хотирлатишича, Саакашвили бир нечта жиноий ишлар бўйича қидирувда. Шу муносабат билан Грузия полицияси уни мамлакатга кириб келиши билан қўлга олади. 

Айни вақтда, Украинанинг Одесса вилояти губернатори бўлиб ишлаётган Саакашвили Грузия парламенти учун 8 октябрь куни бўлиб ўтажак сайловлар натижаси эълон қилиниши билан Грузияга қайтишини маълум қилган эди. 

Грузия парламент сайловларида Саакашвилининг "Ягона миллий ҳаракат" партияси қатнашмоқда. Бундан ташқари, унинг рафиқаси Сандра Рулофс депутатлик учун курашмоқда. Грузиянинг собиқ президенти сайловларга оз муддат қолганида Туркияда сайлов штабини тузмоқчи.