Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 23 сентябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни 17 моддасига мувофиқ, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси регламенти тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритилди. 

Унга мувофиқ, фракциялар, депутатлар гуруҳлари, Қонунчилик палатасининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, фикрлар ва таклифлар Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим. 

Фракциялар, Қонунчилик палатаси қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда Қонунчилик палатаси мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим бўлган фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарблиги масалаларига доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин. 

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича қабул қилган қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.