“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2016 йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган қонуннинг 18 моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Сенати зарур бўлган ҳолларда ўз мажлисида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиши мумкин. 

Сенатнинг ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон парламенти юқори палатаси Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилган ҳар йилги ҳисоботи Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади. 

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан кўриб чиқилади. 

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига юборилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этган ҳар йилги ҳисоботи Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилади. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига юборилади. 

Шу билан бирга, мазкур қонунда белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳар йили Сенатга ҳисобот тақдим этади, ҳисобот Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси билан биргаликда кўриб чиқилади. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилади.