Ўзбекистон бўйлаб маҳалла фаоллари, олим ва ННТ вакиллари экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодликка танлаб олинди. Бу ҳақда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати сайтида хабар қилинди.

Жамоатчилик экологик назорати — табиатдан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида давлат органлари, жамоатчилик ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик олиб боришнинг янги платформасидир. Жамоатчи инспектор атмосфера ҳавоси, ер ресурслари, сув ва сув ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, чиқиндиларни бошқариш соҳаларидаги қоидабузарликларни аниқлаш билан шуғулланади.

Ўзбекистонда экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари институтини ривожлантириш бўйича «йўл харитаси"га кўра, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 14та ҳудудий бошқармаси базасида экологик назоратни олиб бориш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш учун ахборот-ресурс ва методологик марказлар ташкил этилди. Бутун мамлакат бўйлаб маҳалла қўмиталари, экологик ННТ вакиллари ва жамоатчи инспектор бўлишни истаган фуқаролар учун таълимий семинарлар ўтказилмоқда.