Буюк Британиянинг The Telegraph нашри журналистлари мустақил журналистик текширув жараёнида футбол бўйича Англия терма жамоаси бош мураббийи Сэм Эллардайснинг коррупцияга алоқадорлиги бўйича маълумотларга эга бўлган. Текширувлар Британия футболидаги пораххўрлик ҳолатларини фош этиш мақсадида ўтказилганди.

Журналистлар осиёлик тадбиркорларнинг вакиллари сифатида Эллардайс билан 2 марта учрашган ва ундан футболчиларнинг трансферларида маълум ҳақ эвазига ёрдам кўрсатишни сўрашган. Нашрнинг ёзишича, мураббий ўз алоқаларидан фойдаланган ҳолда трансферларда иштирок этишга рози бўлган ва ўз хизмати учун 400 минг фунт сўраган.

У шунингдек, футболчиларнинг трансферлари бўйича Англия футбол ассоциацияси қоидаларини, футболчининг трансфер ҳуқуқига учинчи томон эгалик қилишига тақиқларни қандай қилиб айланиб ўтиш мумкинлиги ҳақида айтиб берган.

The Telegraph вакиллари Англия футбол ассоциациясига текширув ҳақида батафсил келтирилган мактуб йўллашган. Уларнинг айтишича, Эллардайс "бизнесменлар" билан Сингапур ва Ҳонгконгда, миллий терма жамоага бош мураббий бўлишидан олдин учрашган.

Хабарда айтилишича, у ўша суҳбатлар вақтида ўша вақтда терма жамоага бош бўлган Рой Ҳожсонни кескин танқид қилган.

Эллардайс Англиядаги бир қатор жамоаларда меҳнат қилган, «Болтон», «Ньюкасл», «Блэкберн» ва «Вест Ҳэм» каби жамоаларда муваффақиятли ишлаб Англия футболида «Катта Сэм» лақабини олган. Унинг терма жамоага келишидан олдин ишлаган жамоаси «Сандерленд» бўлганди.