Японияда мушук ва итларнинг ҳаёт давомийлиги рекорд натижани қайд этди

Жамият 27 Сентябрь 2016 4244

Япония нафақат одамлар орасида, балки жониворлар орасида ҳам энг кўп умр кўрувчи давлат сифатида эътироф этилди - бу ерда мушуклар ва итларнинг ўртача ёши рекорд натижани қайд этди: итлар - 13,2, мушуклар - 11,9 ёш. Бу ҳақида Токио қишлоқ хўжалиги  ва технологиялари университети ҳамда Япония жониворлар уюшмаси экспертларига таяниб Bloomberg нашри маълум қилди. 

Уй ҳайвонларининг ўртача ҳаёт давомийлиги ўсишига уларни эмлаш, энг яхши ветёрдам кўрсатиш, шунингдек аввалгидан-да сифатли егуликлар билан боқиш ва мамлакатда дайди жониворларнинг камайиши сабаб бўлган.

Шуниси қизиқки, Японияда уй ҳайвонларининг сони болалар сонидан юқорилаб кетган: мамлакатда 19,8 миллион ит ва мушук боқилади. 2015 йилга келиб, мамлакатда 14 ёшгача бўлган болалар сони эса 15,9 миллионни ташкил қилган. 

2010 йилда ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, жами 34 фоиз япон хонадонида уй ҳайвонлари бўлган. 

Экспертлар Японияда туғилиш даражасининг пасайиши, ҳаёт давомийлигининг ошиши ва ёлғиз инсонларнинг кўпайиши ҳисобига, жониворлар болаларнинг ўрнини эгаллаётганини таъкидлашмоқда. Шу боис жониворлар эгалари улар учун катта миқдордаги пулларни сарфлашади. 

Кўпроқ янгиликлар