Европа Иттифоқи Туркияда бўлиб турган суриялик қочқинларга ҳар ойда 30 евродан тўлайди (100 лира). Welt нашри хабарига кўра, бу маблағлар қочқинларга ёрдам дастури доирасида электрон карталар орқали ўтказилади.

"Банк карталари қочқинларнинг одатий ҳаётга қайтишида ёрдам беради. Бу чоралар ҳаддан ташқари ёмонлашган қочқинлар муаммосини оз бўлсада енгиллаштиради", дейилган Европа Иттифоқининг гуманитар ёрдам ва инқирозий бошқармаси комиссари Христос Стилианидиснинг баёнотида.

Бундан олдинроқ Стилианидис маълум қилгандики, Еврокомиссия Туркиядаги суриялик қочқинларга ёрдам сифатида 348 млн доллар ажратилади.

"Қочқинлар бу ёрдам орқали фарзандларини ишга эмас, мактабга юборишлари мумкин бўлади", деганди еврокомиссар.

Нашрнинг қайд этишича, дастурнинг ишга туширилиши октябрь ойига белгиланган. Бу ЕИнинг Туркияга қочқинлар масаласида 2016-2017 йилларда ажратадиган 3 миллиард евролик ёрдамининг бир қисми бўлади. Дастур Қизил яримой жамиятининг Туркиядаги бўлимлари ёрдамида амалга оширилади.

Бундан олдинроқ Стилианидис дастур ижроси назоратда бўлиши ва "бир евро ҳам бошқа мақсадларда сарфланмаслиги"ни айтиб ўтганди. Шу билан бирга у бу назорат қай тариқа амалга оширилишига ойдинлик киритмаган.

ЕИ маълумотларига кўра, Туркияда айни вақтда 3 миллиондан ортиқ суриялик қочқинлар жойлашган.