Lenovo бутун дунё бўйлаб 55 минг ходимидан 2 фоиздан камроғини ишдан бўшатмоқчи эканлигини маълум қилди. Бу ҳақида The Verge нашри хабар берди. Компания смартфонларнинг глобал бозорида муносиб рақобат олиб бориш учун шу йўл билан ўзининг ташкилий тузилмасини тартибга солади ва маҳсулот ассортиментини оптималлаштиради. 

Хитой компанияси Motorola Mobility'нинг Чикагодаги штаб-квартирасини сақлаб қолишга ваъда берган бўлишига қарамай, Techcrunch.com'да "Motorola фаолиятига саноқли кунлар қолгани"ни таъкидлашмоқда. 

"RAZR V3 телефонини яратган Motorola энди йўқ. Чикагодаги штаб-квартирада унинг бўш хоналаригина қолди, холос", - дейилади  Techcrunch.com'да.

Американинг афсонавий Motorola компаниясига 1928 йилнинг 25 сентябрида асос солинган. Ўша пайтда Galvin Manufacturing номини олган оилавий компания ака-укалар Пол ва Жозеф Галвинлар томонидан яратилган. Motorola номи эса 30-йилларда рўйхатдан ўтказилган. Компания ишланмалари орасида - 1956 йилда ишлаб чиқарилган дунёдаги биринчи пейжер ва 1983 йилнинг 6 мартида пайдо бўлган Motorola DynaTAC 8000X илк тижорат уяли телефонини эътироф этиш лозим. 

2011 йилда компания ўз фаолиятини тўхтатди ва икки қисмга ажралди - Motorola Solutions ва Motorola Mobility. Шу йилнинг ўзидаёқ Motorola Mobility 12,5 миллиард долларга Google томонидан харид қилинди. 

2014 йилда Lenovo "меҳр-мурувват корпорацияси"да Motorola Mobility'ни 2,91 миллиард долларга сотиб олди ва у шўъба корхонага айлантирилди. Кейинчалик Lenovo компанияси смартфон русуми сифатида Motorola номидан воз кечди.