Лондон мэри Содиқ Хон Буюк Британия ҳукуматини мамлакатда яшаб, меҳнат қилувчи ЕИдаги муҳожирлардан Brexit музокараларида "фойдаланиш"да айблади. 

Сешанба куни Лейбористлар партияси конференциясида чиқиш қилган Хон муҳожирларга нисбатан қўллаётган сиёсати учун консерваторлардан иборат ҳозирги ҳукуматни, шунингдек ўтган йилги сайловларда ғалаба қозона олмаган Лейбористлар партиясининг собиқ раҳбариятини танқид остига олди.

У Евроиттифоқдаги муҳожирларга миннатдорчилик билдирди ва уларнинг "Британияда илиқ кутиб олиниши"ни маълум қилди. "Улар соғлиқни сақлаш, таълим, қурилиш ва бизнес соҳаларига улкан ҳисса қўшишмоқда, бу ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан катта аҳамиятга эга", - деди Хон. 

Лондон мэри 2020 йилдаги умумхалқ сайловларда ғалаба қозониш ҳозирда таназзулга юз тутган Лейбористлар партиясининг муҳим вазифаси эканлигини айтди. "Лейбористлар ҳукумат тепасига қайтсагина мамлакатимизда ўзгаришлар бўлади", - деди у. Мамлакатнинг ҳозирги ҳукумати олдида турган муаммолар орасида у ўсиб бораётган экстремизм, нафратга асосланган жиноятчилик, аҳолининг бой ва камбағал қатламлари ўртасидаги тафовутни санаб ўтди.