Шахмат бўйича “Тошкент кузи – 2016” турнири якунланди

Спорт 27 Сентябрь 2016 2766

Ўзбекистон пойтахтида шахмат бўйича “Тошкент кузи – 2016” турнири якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

“А” гуруҳида ўтказилган ўйинларда пойтахтлик Георгий Шванов ғалаба қозонди. У тўққиз партия давомида бирон марта мағлубиятга учрамади ва 8,5 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Тошкентлик яна бир шахматчи Нуриддин Худойқулов 7 очко билан кумуш медални қўлга киритган бўлса, навоийлик Меҳриддин Йўлдошев 6,5 очко билан учинчи бўлди.

Ўн тўрт ёшгача шахматчилардан иборат “В” гуруҳида уч шахматчи тўққиз имкониятдан еттитасида ғалаба ва биттасида дуранг натижа қайд этиб, 7,5 очкодан тўплади. Қўшимча кўрсаткичлар бўйича фарғоналик Робияхон Сардорова биринчи, навоийлик Умиджон Ҳусанов иккинчи, Тошкент вилоятидан Шохруҳ Ҳамидуллаев учинчи ўринни эгаллади.

 

Кўпроқ янгиликлар