Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига уриниш ташкилотчиси деб ҳисобланувчи Фатҳулла Гулен билан алоқадорликда гумон қилиб 121 кишини қидирувга берди. Бу ҳақда Associated Press хабар берган.

Маълум қилинишича, полиция мазкур шахсларни мамлакатнинг 18та шаҳри бўйлаб қидириш ишларини олиб бормоқда.

Август ойи ўртасида Туркиянинг Кастамону вилояти ҳудудида полиция Фатҳуллоҳ Гуленнинг қариндоши бўлмиш телебошловчи ва адвокат Кемал Гуленни ҳибсга олганди.  

Кемал Гулен ўз қариндоши уйида ушланганди. У бу ерда 15 июлдан буён яшириниб келаётганди. Уни терроризм билан кураш бўлимининг ҳудудий бошқармаси идорасига олиб боришган.

16 июлга ўтар кечаси Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берди. Истанбул ва Анқарадаги тўқнашувлар давомида тинч аҳоли вакилларидан 246 киши қурбон бўлди, 2 мингдан зиёд киши жароҳатланди. Исёнчиларнинг йўқотишлари ҳисоб қилинмаган.