Россия федерациясининг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида Ўзбекистондан Россияга мева ва сабзавотлар етказиб бериш бўйича савдо уйлари ташкил этилади. Бу ҳақда «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси хабар берган.

Компания хабарида қайд этилишича, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК ва «ФинИнвест Консалтинг» МЧЖ ҳамкорлигида Санкт-Петербургда савдо уйи очилади. Унда Ўзбекистон вакиллари улуши 51 фоиз, Россия томони улуши 49 фоизни ташкил қилади. Айни вақтда муассислар тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, уларни имзолаш арафасида туришибди.

Шунингдек, «Сибирский альянс» компанияси ва «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК  келишилган шартномаларни амалга ошириш мақсадида Москвада савдо уйи ташкил қилиш борасида керакли ҳужжатларни Россия Федерациясининг рўйхатдан ўтиш органига юборган.

Савдо уйлари очилиши Ўзбекистон-Россия ишчи гуруҳининг Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавотлар етказиб бериш ҳақидаги музокаралари натижаси бўлган.

«Сибирский альянс» Ўзбекистонда «Ўзмевасабзавотхолдинг» билан биргаликда қўшма корхона ташкил қилишни режалаштирган ва шу билан бир вақтда Ўзбекистондан олиб келинган янги ва қайта ишланган мева-сабзавот ҳамда гўшт-сут маҳсулотларини  сотиш учун Россиянинг Улгуржи-тақсимлаш марказлари миллий ассоциацияси билан шартнома имзолаган.

Ҳужжат ушбу лойиҳаларга тўғридан-тўғри чет эл сармояларини жалб қилишни кўзда тутган. Ўтказилган музокаларлар натижасида Ўзбекистондан олиб келинган маҳсулотларни Россиянинг «Магнит» («Тендер») ва Х5 Retail Group савдо тармоқлари орқали сотиш ҳақида ҳам шартномалар имзоланган. Шартнома қиймати 10 млн долларни ташкил этиши айтилган.

Шунингдек, «Агро-Лайн» билан музокаралар олиб борилмоқда. Томонлар Ўзбекистон ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва қадоқлаш ишлари олиб бориш билан шуғулланувчи қўшма корхона тузишни мўлжаллаган.

Бироз олдин, Ўзбекистондан олиб келинаётган мева-сабзавотлар учун божхона назорати ва фитосанитар расмийлаштириш жараёнларининг осонлаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Кўрилган ушбу чоралар ва келишувлар натижасида бу йил Ўзбекистондан Россияга олиб келинаётган маҳсулотлар ҳажми 2 баравар ўсган.

Шунга қарамасдан айрим муаммолар ҳам кузатилмоқда. Улар орасида маҳсулот ташиш нархи ва Евроосиё мамлакатлари орқали транзит ўтиш тарифлари қимматлиги ҳамда чегара карантин муддати узоқлиги қайд этилмоқда. Шунингдек, маҳсулот кам миқдорда олиб келинганда унинг нархи қимматлашиб кетиши ҳам қайд этилган.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, 2016 йилнинг январ-июнь ойларида мева-сабзавот экспорти ҳажми 30 фоизга ошди,  шундан Россия улуши 60-65 фоиз.