26 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Туркманистон савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг 12-йиғилиши бўлиб ўтди. Музокаралар вақтида икки томон кўплаб турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича келишувга эришган. Хусусан, машинасозлик, электротехник ва кимёвий маҳсулотлар, автомобиль маҳсулотлари, жумладан, автобуслар, махсус ва коммунал техникалар, пахта терувчи ва бошқа қишлоқ хўжалик техникалари, қурилиш материаллари, қайта ишланган мева-сабзавот ҳамда бошқа кўплаб маҳсулотлар экспорти ҳажми оширилишига келишиб олинган.

Музокараларда Туркманистон делегациясига савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Довран Оразмирадов бошчилик қилди.

Йиғилишда икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатлар ҳолати ва истиқболлари, шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш, транспорт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида алоқаларни ривожлантириш ҳамда қатор бошқа масалалар муҳокама этилди. 

2015 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 319,7 млн долларни, жорий йил январь-август ойларида эса 177,1 млн долларни ташкил этди. Айни пайтда Ўзбекистонда туркман томони иштирокидаги еттита корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар фаолиятидаги асосий соҳалар: савдо ва хизмат кўрсатиш, текстиль соҳаси, қоплама материаллар ва мебеллар ишлаб чиқариш саналади.

Йиғилиш якунлари бўйича томонлар тегишли баённомани имзолади. Эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида транспорт, илмий-техник, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқа қатор масалаларда ҳамкорликни мустаҳкамлашга имкон беради.