Агент Англия футболидаги коррупция ҳақида: Бу ерда барча иш стол остида бўлиб ўтади

Спорт 28 Сентябрь 2016 3287

The Telegraph нашрининг Англия футболида олиб борган текширувлари Сэм Эллардайсдан бошқа мураббийларни ҳам қамраб олган. Нашр маълумотларига кўра, Англия премьер-лигасида ишлаган ва ишлаётган 8 нафар мураббий футболчиларнинг трансферида қаллоблик қилганликда айбланмоқда.

Нашр журналистлари бир қатор футбол агентлари билан учрашувлар ўтказишган ва суҳбатларни махфий тарзда ёзиб олишган. Мухбирлар Яқин Шарқдаги компания ходимлари қиёфасига кириб, футболчиларга инвестиция киритиш мақсадида эканликларини айтишган. Агентлар уларга у ёки бу футболчининг трансферини амалга оширишда қайси мураббийга пора бергани ҳақида мақтаниб гапиришган.

Хусусан, Манчестерда 2005 йили келишилган учрашувлар можаросига аралашгани учун 5 йил муддатга дисквалификация қилинган агент Пино Пальяра билан учрашув бўлиб ўтган.

Пальяра бир машҳур мураббий трансфер бўйича музокара вақтида "ўзини бир чашка қаҳва билан сийлаши" мумкинлиги ҳақида гапириб, улуш олмоқчилигига ишора қилган.

У яна бошқа бир машҳур мураббийнинг ўз ҳақини офшор ҳисобга ўтказиб беришни сўрагани ҳақида айтиб берган.

Пальяра ва яна 2 агент жами бўлиб 8 нафар собиқ ва ҳозирда ҳам АПЛда мураббийлик қилаётган мураббийларнинг номларини келтиришган. Улар чемпионшипдан ҳам пора олишни канда қилмайдиган 2 мураббий номини айтишган.

Агентлардан бирининг айтишича, "Англияда барча иш стол остида рўй беради" ва коррупция чуқур илдиз отган.

«Мен ҳамиша камида бир нарсани эътиборда тутаман — футбол менежерларининг иштаҳасини», – деган Пальяра.

Газета раҳбарияти барча маълумотларни Англия футбол ассоциацияси ва полиция маҳкамасига топширган.

Эслатиб ўтамиз, айнан коррупция билан боғлиқ можаро туфайли Англия терма жамоасининг бош мураббийи Сэм Эллардайс 27 сентябрь куни ўз лавозимини тарк этди.

Манба: Tribuna.uz

Кўпроқ янгиликлар