Австралия ҳуқуқ идоралари фуқаро Алекс Добсонга нисбатан суриштирув ишларини бошлаб юборди. Бунга унинг Facebook ижтимоий тармоғига жойлаштирган видеолавҳаси сабаб бўлган. Гап шундаки, лавҳада Алекснинг беш ёшли фарзанди ҳовлиси яқинида спорт машинасининг «шиналарини ёқаётгани» акс этган. Болакай Burnout видеоўйини услубида машинани ғилдиракларини айлантирган, деб хабар қилмоқда news.com.au.

Полициянинг хулосасига кўра, бу каби «кўнгилочар» машғулотлар бола ва атрофдагилар хавфсизлигига раҳна солади. Шу сабабли, Добсоннинг автомобилини вақтинча мусодара қилинган, ўзига нисбатан айблов эълон қилиш имконияти кўриб чиқилаяпти. 

Маҳаллий болаларни муҳофаза қилиш органлари ҳам ўз суриштирув ишларини бошлаб юборган. Мабодо, ўғлини тарбия қилишда қонунга зид шубҳали ҳолатлар аниқлангудек бўлса, Добсон оталик ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилиши ҳам мумкин.