Британия ҳукумати Европанинг ягона армияси ёки қуролли кучлар устидан ягона қўмондонлик ташкил этиш борасидаги ҳар қандай ғояга қарши чиқмоқда. Бу ҳақда, ЕИ мудофаа вазирларининг Братиславада бўлиб ўтган учрашувида Буюк Британия вакили Майкл Фэллон маълум қилди, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги. 

Бирлашган Қиролликка кўра, Европа хавфсизлигини таъминлаш вазифасини ЕИ эмас, асосан НАТО бажариши лозим. Шунга мувофиқ, Лондон ЕИ таркибида экан, Европанинг ягона қуролли кучларини ташкил этишга қарши чиқади. Фэллоннинг таъкидлашича, Швеция, Нидерландия, Польша, Латвия ва Литва давлатлари ҳам шундай фикрда. 

«Европа шундоғам турли хил штабларга тўлиб ётибди. Бизга янгиси керак эмас», —деган Феллон. 

Ўз навбатида Франция мудофаа вазири Жан-Ив ле Дриан ва унинг германиялик ҳамкасби Урсула фон дер Ляйенларнинг қайд этишларича, гап ягона Европа армиясини ташкил этиш ҳақида бораётгани йўқ. 

Париж ва Берлин жанговар миссиялар ва ҳарбий техникалар, жумладан вертолётлар, учувчисиз парвоз қилувчи қурилмаларга кўпроқ маблағ ажратиш ҳамда хорижий мамлакатлардаги ҳарбий амалиётларда кўпроқ иштирок этиш ва киберхавфсизликни кучайтиришни тавсия қилмоқда.