«Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо Сэм Эллардайснинг Англия терма жамоаси бош мураббийилигидан истеъфога чиқарилишига муносабатини билдириб ўтди.

«Мен айтишим мумкин бўлган ягона гап — менга Сэм ёқади. Мен у учун афсусдаман, терма жамоада бош мураббий бўлиб ишлаш унинг кўп йиллик орзуси эди. Юзага келган вазият бизнинг ўзаро муносабатларимизга таъсир кўрсатмайди. Мен уни ҳурмат қиламан ва ҳурмат қилишда давом этаман. Бу Сэм ва FA ўртасидаги иш», — дея Моуриньонинг сўзларини келтирган Sky Sports. 

27 сентябрь куни тонгида Эллардайс коррупцияга алоқадорлиги ҳақида хабар пайдо бўлди. У ўзини тадбиркорлар сифатида таништирган журналистлар билан учрашувида ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда трансферлар амалга ошишида ёрдам кўрсатиши, эвазига 460 минг фунт сўрагани, шунингдек, Англия футбол ассоциациясидаги трансферлар бўйича қоидаларни қандай айланиб ўтиш мумкинлигини ўргата олиши ҳақида айтган. Бундан ташқари, журналистлар билан суҳбатда Сэм терма жамоанинг ўша вақтдаги бош мураббийи Рой Ҳоджсонни танқид қилган ва унинг тайинланиши FA томонидан қабул қилинган аҳмоқона қарор эканини таъкидлаган.

27 сентябрь куни кечқурун у истеъфога чиқарилди.

Манба: Tribuna.uz