Берлиннинг Моабит туманида жойлашган қочқинлар ётоқхонасида полиция томонидан бир қочқин отиб ташланди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакили маълумотига асосланиб, Berliner Morgenpost хабар бермоқда.

29 яшар эркак ётоқхонадаги қўшниси бўлмиш 27 яшар йигитга пичоқ билан ҳамла қилган. Полиция эса бунинг олдини олишга чоғланган. Таҳдид қилувчига қарата бир неча нафар полиция ходими ўт очган. У оғир ярадор бўлган ва орадан бир соат ўтмай жон берган.

Воқеа аслида мана бундай кечган: 27 ёшли йигит отиб ташланган эркакнинг 8 яшар қизчасини таъқиб қилганликда айбланган. Полиция қочқинлар қабул марказига гумон остидаги йигитни қўлга олиш учун келишган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, йигитнинг қўлларига кишан тақилган пайт, қизчанинг отаси қўлидаги пичоқ билан унга ташланган ва “Яшашга ҳақинг йўқ!”, дея бақирган. Ана шундан сўнг уни отиб ташлашган.

Қўлга олинган шахс устидан суриштирув ишлари бошлаб юборилган, ҳалок бўлган эркакнинг рафиқаси ва қизчаси психологлар назоратида.