Сингапур полицияси 28 сентябрь куни 17 соат вақт мобайнида икки яшар болани гаровда ушлаб турган шахсни ҳибсга олди. Channel NewsAsia телеканалининг хабар беришича, махсус операция ўтказилаётган вақт болага зарар етмаган.

Дастлабки тергов-суриштирув ишларига кўра, 39 ёшли эркак боланинг онаси билан жанжаллашиб қолган. Полицияга ҳолатни тушунтирган эркак "хотини билан дўстона муносабатда бўлган"ини айтган. Узоқ олиб борилган музокараларга қарамай, жиноятчи муросага келмаган. Шундан сўнг кўп қаватли уйнинг бешинчи қаватидаги хонадонга бостириб кирилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари боланинг онасини гиёҳванд моддалар сақлаш ва тарқатишда айблаб, қўлга олишган. Ҳибсга олинган эркак ҳам гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдосида гумон қилинмоқда.

Айни дамда болакай шифокорлар кўригидан ўтказилган. Шундан сўнг унинг кейинги ҳаётига ойдинлик киритилади.