6—8 октябрь кунлари давомида Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида дзюдо бўйича тўртинчи Гран-при турнири бўлиб ўтади. «Газета.uz» хабарига кўра, мазкур турнирда 15 мамлакатдан 143 нафар спортчи иштирок этади. Ўзбекистон терма жамоаси шарафини барча вазн тоифаларида 4 нафардан жами 56 дзюдочи (28 эркак ва 28 аёл) ҳимоя қилади.

Гран-при турнири 14та вазн тоифасида ўтказилади (эркаклар: -60 кг, -66 кг, -73 кг, -81 кг, -90 кг, -100 кг, +100 кг; аёллар: -48 кг, -52 кг, -57 кг, -63 кг, -70 кг, -78 кг, +78 кг).

Мусобақа регламентига кўра, мукофот жамғармаси қуйидагича тақсимланади: биринчи ўрин — олтин медаль ва 3 000 доллар (дзюдочи – 2 400, мураббий – 600), иккинчи ўрин — кумуш медаль ва 2 000 доллар (дзюдочи – 1 600, мураббий – 400), иккита учинчи ўрин — бронза медали ва 1 000 доллар (дзюдочи – 800, мураббий – 200).

Grand Prix Tashkent 2016 расмий постерида 3 нафар ўзбекистонлик дзюдочи тасвирланган: Гулноза Матниёзова (-70 кг), Абдулла Тангриев (-100 кг) ва Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг).

Дзюдо бўйича Гран-при турнирлари ҳар йили 10 мамлакатда ўтказилади. Тошкент шаҳри 2016 йилга қадар 4 марта ушбу туркумдаги мусобақаларга мезбонлик қилган.