Жим Ен Ким Жаҳон банки президентлиги учун навбатдаги муддатга қайта сайланди, деб хабар қилмоқда Reuters.

Агентлик маълумотларига кўра, Ким яна беш йил давомида Жаҳон кредит ташкилотига раҳбарлик қилади. Қайд этилишича, овоз бериш жараёнида унинг биронта ҳам рақиби бўлмаган. 

Кимнинг навбатдаги президентлик муддати 2017 йил 1 июлидан бошланади. 

Жаҳон банки янги президент сайланишини шу йилнинг август ойи охирида эълон қилган эди. Ўшанда Ким сайловга номзодини қўйиш истагини билдирганди. 

Жим Ён Ким 1959 йилда Сеулда туғилган. Беш ёшида ота-онаси билан АҚШга кўчиб ўтиб, Айова штатининг Маскатин шаҳрида вояга етган. 1982 йилда Браун университетини тугатган, фалсафа ва антропология бўйича докторлик даражаларига эга.

Жим Ён Ким Жаҳон банки раҳбари лавозимига 2012 йил 1 июлда киришган. У Жаҳон банкининг 12-президенти ҳисобланади.