АҚШнинг Жанубий Каролина штатида 14 яшар ўсмир мактабдан уйга қайтгач, отасини отиб ташлади. Бундан ташқари, у ўйин майдончасида 2 нафар бола ва ўқитувчини яралади. У айни вақтда ҳибсга олинган. Бу ҳақда Reuters хабар қилган.

Воқеа Таунвилль аҳоли яшаш пунктида юз берган. Полиция маълумотига кўра, исми эълон қилинмаётган жиноятчи ўз отаси, 47 яшар Жеффри ДеВитта Осборнни отиб ташлаган. Шундан сўнг у пикапга ўтирган, уч километрча юрган ва мактаб ўйин майдончасини ўраб турган тўсиққа бориб урилган.

Шундан сўнг, ўсмир атрофга ўт оча бошлаган. Кўнгилли ўт ўчирувчи Жейми Брок уни қўлга олган. Таълим муассасасидаги болалар хавфсиз ерга кўчирилган.

Орадан 7 дақиқа ўтиб, воқеа жойига полиция ходимлари етиб келишган ва ўсмирни ҳибсга олишган. Йигит бино ичига кирмаган.

Ҳозирча отишма келиб чиқиши омиллари аниқ эмас. Ўт очувчи ҳам, жабрланувчи ҳам оқ танлилар. Шуниси маълумки, ўсмир уй шароитида таълим олган.

Яраланганлардан олти яшар Жейкоб Ҳолл оёғидан ўқ еган ва унинг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Яна бир болакай ва аёл ўқитувчига тиббий ёрдам кўрсатилган.