Германиянинг Volkswagen компанияси Париж автосалонига муқобил бошқаришга эга электромобиль концептини келтирди. I.D. деб номланган модель капоти остига 170 от кучига эга электромотор ўрнатилган бўлиб, у 400-600 км масофага ета олади. 

Машинанинг ўзига хос жиҳатларидан бири — ҳавонинг қаршилигини камайтириши учун махсус ишлаб чиқилган ғилдирак дискларидир. Унинг интерьери Open Space концепцияси асосида жиҳозланган.

Автоконцерн 2016 йил июнида 2025 йилгача ривожланиш дастурини эълон қилган эди. Унда компания йўловчи машиналар ишлаб чиқариш борасида электр ва муқобил бошқарувга эга автомобилларга кўпроқ эътибор қаратиши белгиланган. 

Шундай қилиб, орадан 9 йил ўтгач, корхона томонидан ишлаб чиқилаётган маҳсулотлар орасида 30 электромобиль бўлади. Уларнинг йиллик савдоси 2-3 млн донани ташкил этади. Бундан ташқари, компания электр транспорт воситалари учун мобиль иловаларни ишлаб чиқишни йўлга қўяди.