Россия ва Хитой Арктикани саноат жиҳатидан ўзлаштириш учун қутб инжиниринг ва илмий-тадқиқот марказини таъсис этишди, деб хабар бермоқда "Интерфакс" ахборот агентлиги. 

Марказ негизида россиялик ва хитойлик тадқиқотчилар ҳудудни ўрганиш ва фундаментал тажрибаларни ўтказиш учун жамоа яратишади.

Марказдаги ишнинг йўналишларидан бири сифатида Россиянинг Арктика ҳудуди ва Сариқ денгизнинг шельфи учун музларга бардош платформалар яратилиши маълум қилинди. 
 
Тадқиқотчилар, шунингдек, қутб ҳудудида бетонларнинг узоқ туриши, муҳандислик иншоотларининг ишончлилиги ва кемаларга тушадиган муз юкламаларини ўрганишади.
 
Лойиҳада Россиянинг Узоқ шарқ федерал университети ва Хитойнинг Харбин политехника университети иштирок этмоқда.