29 сентябрь куни Тошкент ва Сеул Ўзбекистонда янги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақида Корея Республикасининг Стратегия ва молия вазирлиги хабар берди. 

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи  ўринбосари ҳамда молия вазири Рустам Азимов ва Жанубий Корея молия вазири Ю Иль Хонинг Сеулдаги музокаралари якунлари бўйича имзоланди.   

Музокаралар давомида Рустам Азимов ва Ю Иль Хо Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ривожи, шунингдек мамлакатимиздаги лойиҳаларда КР компанияларининг иштирокини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди. 

Томонлар музокаралар якунига кўра, янги инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича англашув меморандумини имзолашди. 

Меморандум доирасида Жанубий Корея ҳукумати Тошкент Аэропортининг 350 миллион доллар қийматли янги халқаро йўловчи терминали қурилиши учун молиявий ресурсларни тақдим этади. Шунингдек томонлар ҳамкорликда миллий маълумотлар марказини яратишади. 

Жанубий Корея лойиҳани амалга ошириш учун ўзининг Ҳамкорлик ва иқтисодий тараққиёт фонди орқали 250 миллион доллар тақдим қилади, Ўзбекистон ҳукумати 100 миллион доллар ажратади. 

Шунингдек Рустам Азимов Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея ўртасидаги савдо ва иқтисодий масалалар бўйича музокараларнинг саккизинчи даврасида иштирок этди. 

Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистондаги инвестиция, инфратузилма ва энергетика тараққиёти лойиҳаларида Жанубий Корея компанияларининг иштирокини муҳокама қилишди. Томонлар икки мамлакат экспортчиларига кўмак бериш учун Маслаҳат кенгаши тузишга қарор қилишди.