Ўзбекистон Президенти сайлови хориждаги ижтимоий-сиёсий, ишбилармон ва илмий-академик доираларда муҳокама қилинмоқда

Ўзбекистон 29 Сентябрь 2016 6588
Фото: «Жаҳон» ахборот агентлиги

Айни кунларда жорий йил 4 декабрь куни мамлакатда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловларига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Олдинда турган мазкур муҳим сиёсий воқеа хорижий мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий, ишбилармон ва илмий-академик доиралари ўртасида ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар берган.

А.Станиславек, Польша Сенатининг Миллий иқтисодиёт ва инновациялар бўйича комиссияси раиси:

— Мустақиллик йиллари давомида Ўзбекистонда унинг биринчи Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида иқтисодиёт соҳасида бўлгани сингари жамиятни чуқур демократлаштириш борасида ҳам улкан ижобий ўзгаришлар рўй берди.

Республика фуқароларининг ҳуқуқий онги даражаси, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятининг ўсиши бу ислоҳотларга жуда муҳим асос бўлди. Чуқур демократик ўзгаришлар сайлов тизимини ривожлантириш соҳасида ҳам олиб борилди.

Амалда ҳам, ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан ҳам Ўзбекистон сайлов ҳуқуқи такомиллашмоқда ва у умумжаҳон тамойиллари доирасида турибди. Бир томондан, у халқаро тажрибага таянаётган бўлса, бошқа томондан, миллий тарихий тажриба ҳам ҳисобга олинган. Биз ушбу тўғри йўлни тўла қўллаб-қувватлаймиз.

Юзеф Заянс, сенатор, Хелм шаҳридаги Давлат олий профессионал мактабининг ректори (Польша):

— Ўзбекистон жуда муҳим воқеа – мамлакат Президенти сайловлари арафасида турибди. Эркин демократик сайловлар Ўзбекистон ижтимоий ҳаётининг муҳим конституциявий меъёрига, халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган ички сиёсий тартиб кафолати ҳамда давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги муносабатлардаги барқарорликнинг омилига айланиб қолган.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш маҳаллий органларининг ривожланиши, фуқаролик жамияти тизимларининг оёққа тургани, кўппартиявийликнинг шакллангани Ўзбекистонда эркин сайловлар институтининг ривожланишидаги чуқур сифат ўзгаришларини белгилаб берди.

Ежи Шукалски, Халқаро муносабатлар ва ижтимоий коммуникациялар олий мактабининг профессори (Польша):

— Польшада ҳам, Ўзбекистонда ҳам Президент сайловларига тайёргарлик ва уларнинг ўтказилишида очиқлик ҳамда ошкораликнинг таъминланиши масалалари Конституция ва сайлов қонунчилиги меъёрлари билан тартибга солинади.

Марказий сайлов комиссияси мақоми юзасидан Ўзбекистон Конституциясига киритилган янги меъёрларни ҳамда сиёсий партияларнинг президент сайловларида қатнашиши учун имзолар сонини қисқартириш, сайловолди тарғиботини олиб боришнинг турлари, шакл ва усуллари, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларининг ташкил этилиши имкониятлари, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш муддатлари, тартиби ва процедураларига доир Президент сайловлари тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни бизнинг мамлакатимизда қўллаб-қувватлашади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилишини, ваколатлари кенгайиши, унинг молиявий мустақиллиги ҳамда сайлов кампаниясининг барча босқичларида сайловчилар хабардорлиги таъминланишини сайлов ҳуқуқи масалалари бўйича эксперт сифатида мен юқори баҳолайман.

Марказий сайлов комиссиясининг юқори конституциявий мақоми президент сайловлари ташкил этилиши ва ўтказилиши жараёнидаги қонунийликни таъминлаш имконини беради. Бу сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода қилиши таъминланишидаги энг муҳим шарт ҳисобланади.

Хаила ал-Мекаими, Кувайт Ахборот вазирлигининг ҳуқуқий масалалар бўйича давлат котиби ўринбосари:

— Мен 2001 йили Ўзбекистонга биринчи маротаба борган чоғимда мустақил ривожланиш йиллари давомида республика ҳаётининг барча соҳаларида рўй бераётган кенг қамровли ўзгаришлардан чуқур таъсирланган эдим. Ўшандан буён дўст Ўзбекистон замонавий тараққиётини катта эътибор ва қизиқиш билан кузатиб келаман. Эксперт сифатида шуни қайд этишни истар эдимки, мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлабоқ демократик ўзгаришлар изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан бораётган Ўзбекистонда кучли сиёсий тизим яратилган.

Бугун республикада халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган самарали сайлов тизими ҳамда сиёсий партияларнинг кенг ижтимоий-сиёсий фаолият олиб бориши учун зарур шароитларни таъминлайдиган салмоқли қонунчилик замини мавжуд. Сайловлар кўппартиявийлик асосида ўтказилади. Улар фуқаролар сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишнинг, аҳоли хоҳиш-иродаси ва фикрларини ифода этишнинг ўта муҳим воситаси бўлиб қолди.

Шубҳа йўқки, жорий йил 4 декабрда бўлажак президент сайловлари ҳам юқори даражада ташкил этилгани ҳолда халқаро меъёрларга мувофиқ равишда ўтади.

Муҳаммад ал-Фили, Кувайт университети профессори, давлат ва конституция ҳуқуқи бўйича мутахассис:

— 2005 йили мамлакатнинг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан икки палатали парламентнинг тузилгани Ўзбекистоннинг демократик тараққиётидаги муҳим муваффақиятлардан бири ҳисобланади. У ўзининг самарадор эканлигини исботлади. Бугунги кунда Ўзбекистонда парламентаризм институтлари ривожланишининг даражаси энг юқори демократик андозаларга мос келади.

Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, Ўзбекистоннинг миллий сайлов тизими умум эътироф этилган меъёрлар ва андозаларга мувофиқ равишда такомиллашмоқда. Мамлакат Конституциясига мувофиқ, 2016 йил 4 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари бўлиб ўтади. Мамлакатда Асосий қонун асосида аллақачон фаол сайловолди кампанияси бошлаб юборилган. Сиёсий партиялар мамлакат раҳбари лавозимига ўз номзодларини кўрсатмоқда. Энг муҳими, бу жараён шаффофлик асосида рўй бермоқда, сайловчилар ўртасида бўлажак муҳим сиёсий тадбир юзасидан фаол ахборот-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Рамачандран Ражендран, RHA Sdn. Bhd. ноширлик уйининг асосчиси ва бош ижрочи директори (Малайзия):

— Ўзбекистонда демократик талабларга тўла жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилган, мамлакат фуқароларининг ўз ҳоҳиш-иродаларини эркин ифода этишларини таъминлайдиган ҳамда халқаро сайлов меъёрлари ва тамойилларига мувофиқ келадиган самарали сайлов қонунчилигининг асоси шаклланган.

Ҳозирги муҳим ва масъулиятли паллада мамлакат ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда ўзбек халқининг бирдамлиги бўлажак Президент сайловлари сайловчиларнинг юқори фаоллигида, уюшқоқлик билан ва муваффақиятли ўтади, деб хулоса чиқаришга имкон беради.

Дэвид Эмир Беренг, Бутунжаҳон ислом иқтисодий форуми жамғармасининг ижрочи директори:

— Ўзбекистоннинг Марказий Осиё юрагида геосиёсий жиҳатдан муҳим жойлашуви нафақат республикада, балки бутун минтақада тинчлик ва барқарорликни белгилайдиган омиллардан бири ҳисобланади.

Мамлакат иқтисодиётининг чуқур диверсификациялашгани, саноат янги тармоқларининг ривожлангани, йирик инфратузилма лойиҳаларининг ҳаётга тадбиқ этилаётгани ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларининг фойдаланишга топширилаётгани Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан олиб борилаётган тизимли ва чуқур ўйланган сиёсатнинг натижаси ҳисобланади.

Ўйлайманки, олдинда турган Ўзбекистон Президенти сайловлари мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётида навбатдаги муҳим босқич ҳисобланади. Сайловлар юқори ташкилотчилик даражасида ўтишига ишончим комил.

Кўпроқ янгиликлар