2016 йилнинг 2 сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов 78 ёшида инсульт касаллигидан вафот этган эди. Ҳозирда, давлат раҳбари вазифасини вақтинча бош вазир Шавкат Мирзиёев бажариб келмоқда. Президент сайлови эса шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтиши белгиланган. 

Ўзбекистондаги сиёсий партиялар олий органлари 30 сентябрдан 20 октябргача бўлган муддат ичида Марказий Сайлов Комиссияси қарори билан белгиланган режага мос равишда ўз номзодларини президентлик учун илгари суради. 

Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон раҳбарлиги учун сайлов эълон қилинган кундан 6 ой муқаддам рўйхатдан ўтган сиёсий партияларгина президент сайловида иштирок эта олади. 

Аввалроқ, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган барча тўртта сиёсий партия ўз пленумларини ўтказиб, президентлик сайловида иштирок этишга қарор қилган эди. 

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевни, "Миллий тикланиш" миллий демократик партияси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Сарвар Отамуродовни, Халқ демократик партияси ўз етакчиси Ҳотамжон Кетмоновни ва "Адолат" социал-демократик партияси Наримон Умаровни президентликка номзод сифатида тавсия қилган эди. Номзодларнинг барчаси октябрь ойи ўрталарида бўлажак партия съездларида тасдиқланиши керак. 

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов барча тўртта сиёсий партияларга президентлик сайловида иштирок этиш ҳуқуқи тақдим этилганини маълум қилган эди. Улар 20 октябрь кунигача давом этадиган имзо йиғиш жараёнида, қонунчиликка биноан барча сайловчиларнинг бир фоизи (214,35 минг имзо) миқдорида имзони тўплаши талаб этилади.