Фарғонада ёш веломарафончилар мусобақаси ўтказилди

Жамият 30 Сентябрь 2016 2364

Фарғонада ўтказилган “Kамолот-тур” IX ёшлар веломарафонининг вилоят босқичида 300 дан зиёд ҳаваскор велоспортчи иштирок этди. 

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган веломарафон ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Уч ёш тоифасида ўтказилган мусобақада Қува туманидаги 50-умумтаълим мактаби ўқувчиси Миржамол Рўзалиев, Тошлоқ тумани “Садда” маҳалла фуқаролар йиғинидан Элёр Нишонов, Қува қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Жавоҳир Жамолиддинов биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди. 

– Веломарафонда ғолиб бўлганимдан хурсандман, – дейди Қува туманидаги 50-умумтаълим мактаби ўқувчиси М.Рўзалиев. – Чунки ушбу спорт турига жуда қизиқаман ва доимий равишда шуғулланиб тураман. Спорт туфайли ўзимни енгил ҳис қиламан ва бу менга руҳий, жисмоний куч бағишлайди. 

Мусобақа ғолиблари ва бир қатор қўшимча номинациялар бўйича энг фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди. 

Кўпроқ янгиликлар