Google компанияси РФ Федерал аксилмонополия хизмати  (ФАХ) қарори ижросини бошлади - компания Android қурилмалари фойдаланувчиларига  Google иловаларини ўчириш ва бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг иловаларини қўшиш имконияти ҳақидаги хабарни йўлламоқда. РИА "Новости" бу ҳақида маълум қилди

"Қурилмангизда ўрнатилган Google'нинг баъзи иловаларидан (масалан, Chrome, Gmail ёки Google тақвими) фойдаланишни истамасангиз, сиз уни осонликча ўчириб ташлашингиз мумкин бўлади", - дейилади хабарда. 

Хабарда Google ўз иловаларини қандай ўчириш, бошқа ишлаб чиқарувчининг илова ва қидирув виджетини ўрнатиш ҳамда қандай қилиб рақибнинг виджетини қурилманинг асосий экранига қўшиш мумкинлиги ҳақидаги маълумотни қўшимча қилган.

Бундан аввал ФАХ Google'ни рақобат тўғрисидаги қонунни бузганликда айблаб, қурилма ишлаб чиқарувчилари билан шартномасига тўғирлаш киритиш орқали қонунбузарликни бартараф этишга чақирган. 

Google'га қарши иш "Яндекс" компаниясининг шикоятига кўра қўзғатилган. ФАХ қурилмаларга Google Play билан бирга компаниянинг бошқа бир қатор иловаларини мажбурий юклаш ва бошқа компаниялар иловаларини ўрнатишга бўлган тақиқни қоидабузарлик, деб топди. 

Жорий йилнинг август ойида ФАХ Google компаниясига қонунбузарлик учун 438 миллион рубль жарима солган. Google'нинг қарорни ижро қилиш муддати 29 августда тугаган, ФАХ хизматни бу ҳақида хабардор қилиш учун 10 кун мухлат берганди. Компания қарор ижроси муддатини узайтиришни сўраган, бироқ ФАХ бу илтимосни рад этди. ФАХда таъкидланишича, Google'га қарор ижросини вақтида бажармаганлиги учун 500 минг рублгача жарима солиниши мумкин. 

Google устидан суд жараёни давом этмоқда. Компания аксилмонополия идорасининг қароридан норози бўлиб, судга бир қатор даъво аризаларини топширган.