Пекин ҳукумати 2017 йилда Хитой пойтахти атрофида кўмирдан холи ҳудуд яратади. Бу шаҳардаги ҳаво сифатини сезиларли даражада яхшилашга имкон беради. Синьхуа агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

Манбага кўра, ҳукумат 2016-2017 йиллар учун Хэбэй провинциясидаги ҳавонинг ифлосланиши билан курашиш бўйича чора-тадбирларни кучайтиришга йўналтирилган дастурни йўлга қўйди. 

Режага мувофиқ, 2017 йилнинг ноябридан пойтахтни ўраб турган Хэбэй провинцияси шаҳарлари ва туманларида кўмир ёқиш тақиқланади. Ҳужжатга кўра, деярли 7,5 минг квадрат километр майдон аҳолисига кўмирдан фойдаланиш ман этилади. Бу ҳудудларда кўмирдан фақат электр энергия маркази, марказлаштирилган иссиқлик етказиш муассасаси, шунингдек кўмирни хом ашё сифатида қўлловчи корхоналар фойдаланиши мумкин бўлади. 

Агентликнинг ёзишича, маҳаллий аҳолига уйларни кўмир билан эмас, электр иситгичлар ва газ устунлари билан иситиш таклиф қилинмоқда. 

2017 йилнинг охирига бориб, пойтахт атрофидаги 18 маъмурий ҳудуд марказлашган иситиш тизими ёки экологик соф иситиш тизимига ўтиши кутилмоқда.